Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Кенгашининг 2022 йил 28 сентябрдаги КҚ-410-IV-сонли Қарорига асосан ҳудудларда репродуктив саломатликни сақлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганиш белгиланган.
Мазкур қарор ижроси доирасида Жиззах вилоятига Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасида доимий асосда ишловчи сенатор Манзура Салимова бошчилигидаги ишчи-гуруҳ ташриф буюрди.
Улар дастлаб, Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгаши котибиятида Вилоят перинатал маркази, Жиззах шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари ва соҳага оид мутахассислар иштирокида йиғилиш ўтказдилар.
Унда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасида вилоятда амалга ошираётган ишлар муҳокама қилинди.
Шундан сўнг, сенатор Манзура Салимова бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Озода Махмудова ҳамроҳлигида дастлаб бугун фойдаланишга топширилган Жиззах шаҳар акушерлик комплекси фаолияти билан яқиндан танишдилар. Шундан сўнг, Пахтакордаги туманлараро перинатал маркази ва Дўстлик туман тиббиёт бирлашмасининг туғруқ комплексида репродуктив саломатликни сақлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўргандилар. Муттасаддиларга оналар ва болаларга ихтисослашган ва юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш, аҳолини репродуктив саломатликни сақлаш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича зарурий тавсиялар бердилар.
Ишчи гуруҳнинг Жиззах вилояти бўйича ўрганиш ишлари давом этмоқда.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Ахборот хизмати