2025 йил 7 ноябр куни Ўзбекистон Республикаси Навоий шаҳрида
2025 йил 7 ноябр куни Ўзбекистон Республикаси Навоий шаҳрида бўлиб ўтган “Ўзбекистонда аёлларга амбулатор ёрдам: муаммолар ва ечимлар” мавзусида минтақавий илмий амалий конференцияси 2025 йил 7 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Навоий шаҳрида “Ўзбекистонда аёлларга амбулатор ёрдам: муаммолар ва ечимлар” мавзусида минтақавий илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Бугунги кунда мамлакатимизда она ва бола саломатлигини сақлаш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда сўнгги йилларда қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг 2022 йил 28 январдаги ПФ–60-сон Фармони ва 2023 йил 8 сентябрдаги ПҚ–296-сон Қарори ижроси доирасида репродуктив ёшдаги ва ҳомиладор аёллар, болалар учун юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш тизими такомиллаштирилди, перинатал марказлар замонавий тиббий техника билан жиҳозланди, бирламчи бўғинда акушерлик ва педиатрия хизматлари кучайтирилди. Шунингдек, аёллар ва болалар соғлиғини муҳофаза қилишда замонавий ташхис ва даволаш усулларини жорий этиш, кадрлар салоҳиятини ошириш борасида тизимли чоралар кўрилди. Натижада 2017–2024 йилларда она ўлими 1,5 бараварга, гўдаклар ўлими эса 1,3 бараварга камайди. Шу билан бирга, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларида болалар анестезиология-реанимация бўлимлари, кечаю кундуз педиатрия постлари ташкил этилди, ҳомиладор ва туғиш ёшидаги аёллар зарур витамин ва микроэлементлар билан бепул таъминланмоқда. Ана шу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 7 ноябр куни Навоий шаҳрида Республика ихтисослаштирилган Она ва Бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази давлат муассасаси ташаббуси билан мазкур минтақавий конференция ўтказилади. Конференцияда Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари, Республика ихтисослаштирилган Она ва Бола саломатлиги маркази ва унинг филиаллари раҳбарлари, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари мутахассислари, оналик ва болалик бўйича бош мутахассислар, бирламчи тизимда фаолият юритаётган акушер-гинекологлар ҳамда оилавий шифокорлар иштирок этадилар. Анжуманда аёлларга амбулатор ёрдам кўрсатишдаги мавжуд муаммолар, уларнинг ечимлари, замонавий ташхис ва даволаш усуллари, хорижий тажрибалар ҳамда истиқболдаги йўналишлар муҳокама қилинади. Тадбирнинг асосий мақсади — республика вилоятларида бирламчи бўғинда акушерлик ва гинекология хизматини ягона, самарали ва замонавий интеграциялашган тизим сифатида шакллантириш, шу орқали аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдамнинг сифатини ошириш ва мутахассислар салоҳиятини юксалтиришдан иборат.



